Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Чорсудаги савдо маркази биносининг юзига ўрнатилган танитмаларнинг бари реклама қонунчилигига бутунлай тескаридир! Пойтахтимизнинг қоқ ўртасида “савлат тўкиб турган” танитмаларда давлат тилида битилган биронта ҳам матн йўқ!” мавзусида танқидий материал қолирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан Шайхонтоҳур тумани, Чорсу майдони, 3а-уйда жойлашган “Тошкент савдо маркази” биносининг ташқи томонига ўрнатилган ташқи реклама ахборотлари давлат тилида тақдим этилмаганлиги юзасидан ўрганиш ўтказилган.
Жумладан, савдо марказини тасарруф этувчи тадбиркорлик субъектига реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ҳақида тушунтиришлар берилди ҳамда ташқи реклама ахборотини давлат тилида тақдим этилишини таъминлаш юзасидан мурожаат қилиниб, ижроси назоратга олинган.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирокида реклама қонунчилигининг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш, янги киритилган нормалар билан жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида жойларда тарғибот тадбирлари, тадбиркорлар билан учрашувлар мунтазам олиб борилади.