Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Ишонч” дўконлар тармоғининг Булоқбоши тумани филиалидан харид қилган кондиционерим носоз чиққан, дўкон носозликни бартараф этмаяпти, алмаштириб ҳам бермаяпти ёки унга тўланган пулимни қайтариб бериш бўйича мурожаатимни бажармаяпти” мавзусида фуқаро томонидан материал жойлаштирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур танқидий материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда фуқаро Д.Ш. “Ишонч” дўконлар тармоғи Булоқбоши филиалидан сотиб олган кондиционери меъёрда совутиб бермаётганлиги аниқланди.
Натижада кафолат муддатида кондиционердаги носозлик “First Step Retail”МЧЖ томонидан тўлиқ бартараф этилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг қуйидаги ҳуқуқлари белгилаб берилган:
Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.






