Рақобат қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган халқ истеъмол товарларининг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида назорат харидлари мунтазам ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияларда текширилиб, уларнинг давлат стандартлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги баҳоланмоқда.
2021–2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида республика бўйича қарийб 2 600 номдаги халқ истеъмоли маҳсулотлари назорат хариди орқали экспертизадан ўтказилди.
Ўрганишлар натижасида 482 номдаги маҳсулот белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланиб, улар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди.
Йиллар кесимидаги натижалар:
2021 йил — 182 та маҳсулот текширилди, 43 тасида номувофиқлик аниқланди;
2022 йил — 242 та маҳсулотдан 55 таси талабларга жавоб бермади;
2023 йил — 397 та маҳсулот текширилиб, 26 тасида камчилик қайд этилди;
2024 йил — 560 та маҳсулотдан 110 таси номувофиқ деб топилди;
2025 йил — 822 та маҳсулот текширилиб, 201 таси сифат талабларига мос келмади;
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги — 394 та маҳсулот назорат харидидан ўтказилиб, 47 тасида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди.
Таҳлилларга кўра, назорат харидларининг асосий қисми қуйидаги маҳсулотларга тўғри келди:
— қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари — 15,6%;
— дори воситалари — 10,4%;
— консерваланган маҳсулотлар — 9,6%;
— ёқилғи-мойлаш материаллари — 9%;
— сут ва сут маҳсулотлари — 7,9%;
— ош тузи — 7,1%;
— ун ва ун маҳсулотлари — 5,7%;
— алкоголли, алкоголсиз ҳамда энергетик ичимликлар — 5,5%;
— кўмир маҳсулотлари — 3,5%;
— металл прокат маҳсулотлари — 1%;
— бошқа турдаги халқ истеъмоли товарлари — 16,8%.
Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган олти ойида 43 турдаги қарийб 400 номдаги маҳсулот лаборатория экспертизасидан ўтказилди. Натижада 47 номдаги маҳсулот норматив-техник талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Мазкур маҳсулотларни савдо расталаридан қайтариб олиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ чора кўриш учун тегишли материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Санитария-эпидемиология қўмитасига юборилди.
Рақобат қўмитаси келгусида ҳам истеъмолчиларнинг саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида назорат харидларини давом эттиради ҳамда сифатсизлиги аниқланган маҳсулотлар бўйича жамоатчиликни хабардор қилиш ва ваколатли идоралар билан ҳамкорликда тегишли таъсир чораларини кўриш ишларини изчил амалга оширади.








