Расмий муносабат
Сўнгги вақтда ижтимоий тармоқларда “Mening uyim” иловаси орқали кўп квартирали уйларга кўрсатилган хизматлар учун тўловни амалга оширганда 1-2 фоиз миқдорда комиссия олиб қолинаётгани аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, фуқаро Телеграм ижтимоий тармоғида “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “Mening uyim” иловасида тўлов учун 1 фоизлик комиссия олинаётганлигини билдирган.
Мазкур пост юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Бугунги кунда Марказий банкнинг “MUNIS” клиринг тизими билан интеграция қилинган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “Mening uyim” автоматлаштирилган биллинг ахборот тизими тижорий мақсадларда эмас, балки кўп квартирали уйларга кўрсатилаётган хизматларда аҳолига тўловларни амалга ошириш учун қулай тизим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 9 мартдаги “Аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги ПҚ-88-сонли қарорининг иловасига мувофиқ 2023 йил 1 майдан бошлаб, барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича тўлов хизматлари кўрсатганлик учун воситачилик ҳақи (йиғимлар) тўлов шаклидан қатъи назар тўловчи – жисмоний шахсдан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундирилиши белгиланган.
Бироқ, бошқарув органлари томонидан кўп квартирали уйларга кўрсатилаётган хизматлар учун амалга ошириладиган тўловлар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 133-моддасида назарда тутилган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар тоифасига кирмаслиги сабабли, ушбу тўловларга коммунал хизматлардаги каби тўловларни комиссиясиз амалга ошириш тартиби татбиқ этилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига мувофиқ сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Юқоридагиларни эътиборга олиб, Рақобат қўмитаси томонидан аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини инобатга олиб, истеъмолчилар номуайян доирасининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “Mening uyim” тўлов тизимидаги қўшимча комиссияларни қайта кўриб чиқиш юзасидан яъни воситачилик ҳақи (йиғимлар)ни бошқарув органларининг харажатлари таркибига киритиш, бу йиғимларни аҳолидан тўлов жараёнида эмас, балки бошқарув органлари ҳисобидан қоплаш механизмини жорий этиш бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига сўров юборди.





