Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
ҲИСОБОТ
2026 йил 1 апрель ҳолатига
Ташкилотнинг Коррупцияга қарши чора-тадбирлар дастури бажарилгани тўғрисида умумий ахборот
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Қўмитанинг марказий аппарати тузилмасида алоҳида, Ички аудит, коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси ташкил этилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Қўмита ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланган.
Мазкур меморандум доирасида Қўмитага юклатилган функциялари бўйича коррупция хавф-хатарлари юқори бўлган лавозимлар аниқланиб, уларнинг хатар даражасини минималлаштириш юзасидан тегишли чоралар кўриб келинмоқда.
Сиёсат ва тартиб-таомиллар
Коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этувчи тавсиявий ҳужжатлар тўпламидан фойдаланган ҳолда, коррупцияга қарши курашишга доир ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва Қўмита раисининг тегишли буйруқлари билан тасдиқланган.
Жумладан:
– Қўмитанинг Коррупцияга қарши курашиш сиёсати;
– Қўмитанинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий органлари ва идоравий мансуб тузилмаларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш Услубиёти;
– Қўмита ва унинг таркибий тузилмаларида манфаатлар тўқнашувини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисидаги Низоми;
– Алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти;
– Қўмитанинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий органлари ходимларини этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитишни ташкил қилиш бўйича йўриқнома;
– Қўмита марказий аппарати, ҳудудий органлари ва тизимдаги ташкилотларида контрагентларни ўрганишга оид Йўриқнома;
– Ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича йўриқнома;
– Қўмита ва унинг ҳудудий тузилмаларида коррупцияга қарши кураш тизимининг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш тўғрисида Низом;
– Қўмита ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича Регламенти;
– Қўмита марказий аппарати, ҳудудий органлари ва тизимдаги ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича Дастур;
– Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқача тарзда кўмаклашган Қўмитанинг ходимларини рағбатлантириш тартиби;
– Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси марказий аппаратининг таркибий тузилмалари, ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом;
– Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларида Коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиёти ва бошқалардир.
Хавф-хатарларни баҳолаш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-240-сон қарорига асосан 2026 йилда Қўмитанинг марказий аппарати, ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотларининг жами
102 та функцияси коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш юзасидан таҳлил қилинган.
Таҳлил натижаларига кўра, 82 та функциянинг хавф-хатар даражаси “паст”, 20 та функцияларнинг коррупциявий хавф-хатар даражаси “ўрта” деб баҳоланган.
Баҳолаш натижалари бўйича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси, коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури тасдиқланди.
Амалга ошириладиган коррупцияга қарши курашиш тартиб-таомиллар
Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш
Қўмитанинг FAIR TECH электрон платформаси орқали эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни электрон шаклда тақдим этиш имконияти яратилди.
Мазкур тизим 2025 йилда синов тариқасида Қўмита марказий аппарати ходимлари томонидан қўлланилди.
2026 йил учун йиллик эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ходимлар томонидан FAIR TECH электрон платформаси орқали тақдим этилди. Тақдим этилган декларациялар таҳлил қилинганда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланмади.
Контрагентларни текшириш
Қўмита томонидан 2026 йил 1-чорагида 45 та давлат харидлари амалга оширилган бўлиб, шундан 31 таси ягона етказиб берувчилар реестридаги корхоналар билан тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали ҳамда 14 таси электрон дўкон орқали амалга оширилганлиги сабабли, контрагентлар бўйича текширувлар ўтказилмаган.
Ишга номзодларни текшириш
2026 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тизимига ишга қабул қилиш жараёнида жами 7 нафар номзод юзасидан белгиланган тартибда текширув ишлари амалга оширилди.
Шундан, Қўмита марказий аппаратига ишга кириш учун 2 нафар номзод, шунингдек, ҳудудий органларга ишга қабул қилиш учун 5 нафар номзод бўйича тегишли текширувлар ўтказилди.
Таълим ва коммуникация
Қўмита ва ҳудудий бошқарма ходимларини коррупцияга қарши курашиш бўйича малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида, 2025 йилнинг 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ–71-сон Фармони ҳамда “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–147-сон қарори мавзусида, 2025 йилнинг 27 июнь куни мазкур соҳада қонунчиликдаги янгиликлар мавзусида”, 2025 йилнинг
27 октябрь куни коррупцияга қарши қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш тўғрисида, 2025 йилнинг 9 декабрь куни “9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишлаб ўқув семинарлари ташкил этилди.
Шунингдек, Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Самарқанд, Фарғона ҳамда Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳудудий органлар ходимлари учун ўқув семинарлари ҳам ташкил этилди.
Бундан ташқари, “9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Қўмита марказий аппарати ҳамда барча ҳудудий органларида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Мазкур тадбирлар доирасида ходимларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Тадбирлар жараёнида коррупциянинг давлат бошқаруви, иқтисодий ривожланиш ҳамда жамоатчилик ишончига салбий таъсири, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, шунингдек, коррупсион ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ходимларга амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Қўмита марказий аппарати ҳамда ҳудудий органларида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида фуқаролар ва тадбиркорларни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди, мурожаатлар қабул қилиниб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ҳамда коррупцияга қарши курашишга қаратилган бошқа тадбирларнинг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилиши таъминланиб, бу орқали жамоатчилик хабардорлигини ошириш ҳамда очиқлик тамойилларини мустаҳкамлашга эришилди.
Шунингдек, 2026 йил 30 январь куни Қўмита ходимлари томонидан коррупцияга қарши муросасиз муносабатни таъминлаш ҳамда 2026 йил
28 январдаги Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси йиғилишининг 7-сон баёни ижросини таъминлаш тўғрисида йиғилиш ўтказилди.
Ушбу йиғилишда Қўмита ходимлари томонидан коррупцияга қарши муросасиз муносабатни таъминлаш, хизмат фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларни белгиланган тартибда ва муддатларда тўлдириш масалаларига тўхталди.
Коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарлар
Ҳуқуқбузарликлар ва уларга шароит яратувчи омиллар ҳақидаги хабарлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва ўз вақтида олдини олиш мақсадида, Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича “ишонч телефони” (71-207-49-00) фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, коррупцияга қарши курашишга оид аноним шикоятлар учун алоҳида электрон почта (anticorruption@antimon.gov.uz) ҳамда @ACRUanticor_bot Тэлеграм канали яратилиб, ўз фаолиятини белгиланган тартибда олиб бормоқда.
2026 йилнинг 1 чорагида ушбу алоқа каналлари орқали коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган.
Мониторинг ва назорат
Қўмита ички бошқарув, аудит ва мониторинг тизимларини мустаҳкамлаш орқали коррупцияга қарши курашишда сезиларли натижаларга эришилди.
2026 йилнинг 1 чорагида режалаштирилган 2 та ички аудит тадбири ва 1 та коррупцияга қарши комплекс текшириш тадбирлари ўтказилиши таъминланди.
Аниқланган қоидабузарликлар ва уларга таъсир чоралари
2026 йилнинг 1 чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва ҳудудий органларида профилактика, ички назорат ва ахлоқий стандартлар самарали жорий этилганлиги, хавфларни таҳлил қилиши тизими йўлга қўйилганлиги сабабли, коррупцияга оид қонунбузилиши ҳолатлари аниқланмади.
Хулосалар
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан жорий этилган ички назорат тизими, ҳуқуқий база ва ахборот каналлари коррупцияга қарши курашиш соҳасида тизимли ёндашувни шакллантирган. Қонунбузилиш ҳолатларининг аниқланмаганлиги профилактик ишлар самарали йўлга қўйилганлигини англатади.
Коррупцияга қарши кураш тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ва тадбирлар режаси
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тизимида коррупциянинг олдини олиш, Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ходимлар ўртасида коррупцияга қарши мустаҳкам ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур мақсадларда Қўмита томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу режа доирасида қуйидаги ишлар изчил равишда амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Қўмита фаолиятини тартибга солувчи ички меъёрий ҳужжатлар — регламентлар, низомлар ва йўриқномалар амалдаги қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар инобатга олинган ҳолда мунтазам равишда қайта кўриб чиқилмоқда ҳамда янгиланиб борилмоқда. Бу орқали хизмат жараёнларини аниқ ва шаффоф тартибга солишга эришилмоқда.
Шу билан бирга, Қўмита тизимида “Коррупцияга қарши курашиш” ва “Коррупцияга қарши маданият” мавзуларида махсус ойликлар ўтказилиб, мазкур тадбирлар доирасида ходимларнинг ҳуқуқий билими ва онгини ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилмоқда.
Коррупцияга қарши профилактик тадбирларни янада кучайтириш мақсадида соҳавий семинарлар, ўқув тренинглари, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Шунингдек, визуал тарғибот материаллари, ахборот стендлари, видеороликлар тайёрланиб, Қўмита тизимидаги барча ходимларга етказилмоқда. Бундан ташқари, ходимлар ўртасида коррупцияга муносабатни аниқлаш, мавжуд хавф-хатарларни баҳолаш мақсадида аноним сўровномалар ташкил этиб келинмоқда.
Фуқаролар ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни самарали қабул қилиш ва таҳлил қилиш ҳам коррупциянинг олдини олишда муҳим омил сифатида қаралиб, ишонч телефони, Қўмита расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда электрон почта орқали келиб тушган мурожаатлар мунтазам ўрганиб борилмоқда.
Юқорида қайд этилган чора-тадбирлар асосида ишларни тизимли ташкил этиш орқали Қўмита тизимида коррупцияга қарши самарали профилактика механизми йўлга қўйилган бўлиб, ушбу йўналишдаги ишлар бугунги кунда ҳам изчил равишда давом эттирилмоқда

