Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисининг
МУРОЖААТНОМАСИ
Ҳурматли Қўмита марказий аппарати, ҳудудий органлари ва тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари!
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимларини кибержиноятлардан муҳофаза қилиш ҳамда киберфирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш юзасидан берилган тавсиялардан келиб чиқиб, барчангизни қуйидаги эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишга чақираман.
Сўнгги вақтларда давлат органлари раҳбарлари ва ходимлари номидан сохта аккаунтлар яратиш, сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган видео ва овозли мурожаатлар юбориш, телефон қўнғироқлари орқали ишонч қозониш ҳамда шахсий ва хизмат маълумотларини қўлга киритишга қаратилган киберфирибгарлик ҳолатлари кўпаймоқда. Бундай ҳаракатлар нафақат шахсий маблағларга, балки давлат органларининг ахборот хавфсизлиги ва обрўсига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин.
Шу муносабат билан қуйидаги қоидаларга амал қилишингизни сўрайман.
Биринчидан, ҳеч бир давлат органи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими мессенжерлар орқали банк картаси маълумотлари, SMS-кодлар, электрон рақамли имзо калитлари, логин-пароллар ёки бошқа махфий маълумотларни талаб қилмайди. Бундай мурожаатлар фирибгарлик аломати сифатида баҳоланиши лозим.
Иккинчидан, Қўмита раҳбарияти ёки бошқа давлат органлари номидан келган ҳар қандай топшириқ, айниқса молиявий ёки шошилинч кўрсатмалар, фақат расмий хизмат алоқа воситалари орқали тасдиқланганидан кейин бажарилиши керак. Шубҳа туғилганда, топшириқнинг ҳақиқийлигини албатта текширинг.
Учинчидан, сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган видео, овозли хабар ва тасвирларга кўр-кўрона ишонманг. Улар асосида қарор қабул қилишдан аввал ҳаққонийлигини текширинг.
Тўртинчидан, номаълум аккаунтлардан юборилган ҳаволалар ва файлларни очманг, номаълум иловаларни ўрнатманг ҳамда телефон ёки компьютерингизга масофадан бошқариш имконини берувчи дастурларни юклаб олманг.
Бешинчидан, фирибгарлар, одатда, инсонни шошириш, қўрқитиш ва вазиятни сир сақлашга мажбур қилишга ҳаракат қилади. “Махфий топшириқ”, “Ҳисобингиздан пул ечилмоқда” ёки “Зудлик билан ҳаракат қилинг” каби мурожаатларга нисбатан алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндашинг.
Олтинчидан, ҳар бир раҳбар ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан доимий назоратни таъминлаши, ходимлар билан мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориши ҳамда шубҳали ҳолатлар ҳақида масъул бўлинмаларни зудлик билан хабардор қилиши зарур.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир давлат хизматчисининг касбий масъулиятидир. Огоҳлик, эҳтиёткорлик ва белгиланган тартибларга қатъий риоя этиш орқали биз давлат манфаатларини, хизмат фаолиятимизни ҳамда шахсий хавфсизлигимизни ишончли ҳимоя қила оламиз.
Барчангизни киберфирибгарликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан ҳушёр бўлишга, фақат расмий ахборот манбаларига таянишга ва шубҳали ҳолатларни зудлик билан текширишга чақираман.
Огоҳлик – киберхавфсизликнинг энг ишончли кафолатидир!


