Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан, шунингдек 1996 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган «Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси» ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан, монополияга қарши орган фаолиятини йўлга қўйишда ўзининг фидокорона меҳнати билан муносиб ҳисса қўшган нуронийларимиз билан 2026 йил 6 сентябрь куни «Дийдор ширин» давра суҳбати ташкил этилиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Айнан шундай оқил устозларимизнинг бой тажрибаси, илми ва фидойилиги самарасида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган, замонавий бозор муносабатларига тўлиқ жавоб берадиган монополияга қарши қонунчилик шакллантирилиб, мамлакатимизда монополияга қарши сиёсатнинг мустаҳкам пойдевори яратилди.
Устозларимиз мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида иқтисодиётимиз учун мутлақо янги бўлган монополияга қарши сиёсатни республика ҳудудларида самарали ва барқарор амалга оширишни таъминлайдиган қонунчилик базасини яратиш, кадрларни янги тизим асосида қайта тайёрлаш, иш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда яхлит тизимни шакллантириш ишларининг илк ташаббускорлари ва муаллифлари ҳисобланади.
Мамлакатимиз иқтисодиёти учун монополияга қарши сиёсат нафақат иқтисодий самарадорликни таъминловчи, балки аҳолининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи тизимни яратишда устозларимизнинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, монополияга қарши сиёсатни изчил амалга ошириш йўлида қўшган улкан ҳиссалари, бой тажрибалари ва ибратли ҳаёт йўллари барчамизга юксак ифтихор бағишлайди.
Нуронийларимизни бунёдкорликка етакловчи, эзгу мақсадлар сари йўл кўрсатувчи устозлар сифатида чин дилдан ўзимизга ўрнак ва намуна деб биламиз ҳамда уларни доимо ардоқлаймиз.








