НУҚСОНЛИ ТОВАРНИ АЛМАШТИРИШ ВА ҚЎШИМЧА ТЕКШИРИШ ТАРТИБИНИ БЕЛГИЛАШГА ОИД ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ ВА СЕНАТГА ЮБОРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ–111-сон Фармони билан тасдиқланган “йўл харитаси”нинг 1-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, айниқса нуқсонли товарларни алмаштириш жараёнидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.
Амалдаги қонунчиликда нуқсонли товарни алмаштириш ва уни қўшимча текшириш билан боғлиқ айрим тартиб-таомиллар аниқ белгиланмагани сабабли, амалиётда товарни алмаштиришнинг 7 кунгача асоссиз чўзилиши истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.
Хусусан, Рақобат қўмитасига 2025 йилнинг ўзида истеъмолчилардан жами 53 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 23 фоизи айнан савдо соҳасига, хусусан 6 мингга яқини нуқсонли маҳсулотлар масаласида бўлиб, 25 фоизи электрон тижорат орқали сотиб олинган товарларга тааллуқли.
Янги лойиҳага кўра, амалдаги Қонунга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
— истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига ёки таркибига доир камчиликларни аниқлаган тақдирда, агар сотувчи (ишлаб чиқарувчи)да айнан шу маркали (моделли, артикулли) соғлом товар мавжуд бўлса, уни дарҳол алмаштириб бериши шарт қилиб белгиланмоқда. Бу амалдаги “7 кун” баҳонасининг суиистеъмолини бартараф этади;
— нуқсонли товар сифатини қўшимча равишда текшириш фақат камчиликлар истеъмолчи томонидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, учинчи шахслар ҳаракати ёки товар реализация қилингандан кейин сақлаш натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлиги ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатлардагина ўтказилади;
— истеъмолчининг иштирок этиш ҳуқуқи. Истеъмолчи шахсан ёки ўз вакили орқали товар нуқсонининг келиб чиқиш сабабини текширишда иштирок этиш, текширув вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилиниш, шунингдек, ўз маблағлари ҳисобидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади;
— текшириш харажатларини қоплаш тартиби. Маҳсулот сифатини қўшимча равишда текшириш харажатлари, қоидага кўра, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қопланади. Бироқ, текшириш натижасида товарда нуқсон мавжуд эмаслиги ёки нуқсон истеъмолчининг ўзи томонидан қоидаларни бузиши, учинчи шахслар ҳаракати оқибатида келиб чиққани аниқланса, харажатлар истеъмолчи зиммасига юклатилади.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Ушбу Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида аҳолининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланади, сотувчи томонидан айнан қандай ҳолатларда товар сифатини қўшимча равишда текшириш ўтказилиши аниқ белгиланади, шунингдек, товарни алмаштириш муддатининг асоссиз равишда чўзилишининг олди олинади.







