Қиймати 23 млрд сўмдан ортиқ бўлган давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилди
Рақобат қўмитаси томонидан давлат харидларида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида харид жараёнлари доимий ўрганилиб, таҳлиллар натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этиб борилмоқда.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида,
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 9,1 млрд сўмдан ортиқ бўлган 6 та;
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 8 млрд сўмга яқин бўлган 6 та;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган жами 6,7 млрд сўмга яқин бўлган 10 та танлов савдоларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, буюртмачи ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланиб, тегишли суд органларига маълумотлар юборилди.
Давлат харидлари соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда рақобат учун тенг имкониятларни яратиш Рақобат қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Аниқланган қонунбузилишларнинг олди олиниши, давлат маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишини таъминлайди.







