Рақобат қўмитасига савдо, қурилиш, умумий овқатланиш корхоналари ва реклама хизматлари соҳасида тушган мурожаатлари ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилик ҳуқуқлари тикланмоқда
Ҳудудлар кесимида мисоллар
Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқармага Урганч шаҳрида яшовчи Ж.Қ. томонидан “Абдураҳим Мирзобош” хусусий корхонасига қарашли дорихонадан харид қилинган “Genferon Layt” спрей назальний 50 000 МЕ” маҳсулотининг яроқлилик муддати ўтиб кетгани юзасидан шикоят келиб тушди. Ушбу мурожаат асосида тегишли тартибда ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида келтирилган ҳолат ўз тасдиғини топди ва аниқланган қоидабузарлик юзасидан тадбиркорлик субъекти масъул ходимига нисбатан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди.
Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Термиз шаҳрида яшовчи фуқаролардан Т.А. ҳамда А.Ж.нинг мурожаатлари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида “Авто Сервис Хизмат” МЧЖ томонидан Термиз шаҳар Нурафшон ва А.Навоий кўчаларидаги кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишлари якунланмай, фуқароларга белгиланган муддатда топширилмагани аниқланди.
Бу ҳолат натижасида “Авто Сервис Хизмат” МЧЖ томонидан шартнома шартлари бузилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддаси ва 20-моддаси талабларига риоя этилмаганлиги қайд этилди.
Ўтказилган ўрганиш якунларига кўра, ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “Авто Сервис Хизмат” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, масъул мансабдор шахсларга нисбатан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди.
Шунингдек, уйлари кечиктириб топширилган давр учун ҳисобланган компенсация маблағлари қурувчи томонидан фуқароларга тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитаси томонидан умумий овқатланиш корхонасида кўрсатилаётган хизматлар юзасидан фуқаролардан келиб тушган мурожаат асосида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганишлар натижасида кафе таомномасида хизматлар нархи тўлиқ ва очиқ кўрсатилмагани, мижозларга ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имконияти яратилмагани ҳамда 10 фоиз хизмат ҳақи ҳақида олдиндан маълумот бермасдан тўлов ундирилгани аниқланди. Бунинг натижасида 2026 йил январь-февраль ойларида истеъмолчиларга етарли ва тўғри маълумот тақдим этилмагани сабабли 5 млн 370 минг сўмдан ортиқ асоссиз равишда олингани маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар амалдаги қонунчилик талабларига зид деб топилди. Шу муносабат билан корхонага қонунбузарликларни бартараф этиш, асоссиз ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқармага Уйчи туманида яшовчи фуқародан келиб тушган мурожаатда “Texnomart” дўконлар тармоғининг Наманган филиалидан 3 млн сўмдан ортиқ маблағга бўлиб тўлаш шарти билан телефон харид қилгани, бироқ шу куннинг ўзидаёқ телефонни қайтариб, бошқа турига алмаштиришларини сўраб дўконга мурожаат қилгани, бироқ бу талаби қаноатлантирилмаганидан норози эканини билдирган.
Ўрганишларда дўкон масъулларига тегишли қонун талаблари юзасидан яъни истеъмолчининг товарни алмаштириш ёки шартномани бекор қилиш бўйича қонуний ҳуқуқлари мавжудлиги ҳақида тушунтиришлар берилиши натижасида фуқаро билан тузилган шартнома асосида сотилган телефон аппарати қайтариб олиниб, унга тўланган маблағ фуқарога қайтарилиши таъминланди.








