Жорий йилнинг 19 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Digital Uzbekistan International PLUS-Forum” доирасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этишга оид қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Форум доирасида Рақобат қўмитасининг масъул ходими Ж.Исроилов “Рақамли платформаларни тартибга солиш: Ўзбекистон Республикасида халқаро тажриба ва ўзига хос ёндашувлар” мавзусида кенг қамровли маъруза билан иштирок этди.
У ўз чиқишида рақамли платформалар соҳасида рақобатни таъминлаш, бозор иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш ҳамда самарали комплаенс тизимини ихтиёрий тартибда жорий этиш бўйича амалий тавсияларни тақдим этди. Шунингдек, комплаенс механизмларини босқичма-босқич жорий этиш рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ва бозорда шаффофликни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, истиқболда Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш режалаштирилаётгани қайд этилди. Жумладан, мурожаатларни автоматик таҳлил қилиш, қоидабузарлик ҳолатларини аниқлаш ва рақамли платформалар фаолиятини мониторинг қилишда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилмоқда.







