Рақобат қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан коммунал, реклама ва ижтимоий хизматлар соҳасида келиб тушган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида:
📍 Самарқанд вилояти
Дорихонада асоссиз олинган 15 млн 800 минг сўмга яқин маблағ истеъмолчиларга қайтариладиган бўлди
Ҳудудий бошқарма томонидан Рақобат қўмитасининг “Fair Tech” ягона ахборот тизими орқали 2025 йил бошидан бугунги кунгача 47 та дорихоналар ўрганилган бўлиб, улардан 35 тасига нисбатан иш қўзғатилди.
Хусусан, ўрганишларда “Jannat shifo” МЧЖ 2025 йил 1 январдан 2025 йил 1 декабрига қадар бўлган даврда жами 15 432 та ҳолатда дори воситаларини сотишда белгиланган чекланган савдо устамаларига риоя этмагани аниқланди.
Натижада ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси қарорига кўра “Jannat shifo” МЧЖ томонидан белгиланган устамаларни ошириб қўлланилиши натижасида 15 млн 800 минг сўмга яқин миқдорида асоссиз олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатма берилди.
📍 Қорақалпоғистон Республикаси
Газ қарздорлиги ҳисобида аниқланган қонунбузарлик масаласи ҳал этилди
Қўмитага Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро М.А. мурожаат қилиб, газ таъминоти корхонаси томонидан 147 млн сўмга яқин асоссиз қарздорлик ҳисобланганига эътироз билдирган.
Ўрганишларда ҳисоб-китоблар амалдаги қоидаларга зид равишда яъни охирги кўрик орқали 2025 йил июль ойидан бошлаб ҳисобланмай, ўтган 3 йил учун ҳисоб-китоб қилингани маълум бўлди.
Қўмита махсус комиссияси “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” филиали томонидан қонун талаблари бузилгани аниқланди ҳамда тегишли қарор қабул қилиниб, кўрсатма берилди.
Ўрганиш натижалари билан белгиланган 99 млн 120 минг сўмга яқин миқдордаги қарздорлик асоссиз деб топилди, фуқаронинг фойдаланган газга қарздорлиги эса 47 млн 390 минг сўмга яқин экани аниқланди. Юқоридагиларга кўра, газ таъминоти ташкилотига қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилди.
📍 Навоий вилояти
Рухсатномасиз ўрнатилган реклама воситаси бўйича чора кўрилди
Ҳудудий бошқарма томонидан ҳудуддаги ташқи реклама ва тарғибот воситаларининг қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан мониторинг ишлари олиб борилди.
Ўрганишларда Навоий шаҳрида “SHEDEVR NAVOIY” МЧЖ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган ер майдонига ташқи реклама воситасини ҳеч қандай рухсатномаларсиз ўрнатгани аниқланди. Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 25-26-моддалари талаблари бузилган деб топилиб, корхонага аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Бироқ, “SHEDEVR NAVOIY” МЧЖ ушбу кўрсатмага норози бўлиб, маъмурий судга мурожаат қилди. Суд ишни кўриб чиқиб, биринчи ва апелляция инстанцияларида ҳам корхона даъвоси қаноатлантирилмади. Натижада, ҳудудий бошқарманинг берган кўрсатмаси ўз кучида қолдирилди.








