Жорий йилнинг 13 май куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси биносида Қозоғистон Республикаси Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлигининг бир гуруҳ масъул ходимлари ва экспертлари иштирокида “Ўзбекистонда “устун музокара кучи” институтини қўллаш амалиётини ўрганиш” мавзусида ўқув семинари ва эксперт маслаҳатлашувлари ўтказилди.
Семинарда хорижлик мутахассисларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида рақобат қонунчилигида юз берган муҳим янгиликлар ва ўзгаришлар ҳамда Қўмита фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан ахборот берилди.
Шунингдек, ушбу ўқув семинари доирасида Қўмита томонидан Қозоғистонлик мутахассислар учун “устун музокара кучи” институтини Ўзбекистонда қўллаш амалиётининг ҳозирги ҳолати, ҳуқуқий ва методологик асослари юзасидан тақдимот ўтказилди ҳамда батафсил маълумотлар берилди.
Қозоғистонлик меҳмонлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақобат сиёсати бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Ўзбекистоннинг бу борада орттирган бой тажрибасини алоҳида эътироф этдилар ҳамда семинарни ташкил этилишида амалий ёрдам кўрсатгани учун Қўмитага миннатдорчилик билдирдилар.
Семинар якунида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ва фойдали мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.







