2025 йил 11 июнь куни соат 12:00 да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов савдо, умумий овқатланиш, туризм соҳаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Рақобат қўмитасига 2025 йил январь-апрель ойларида истеъмолчилардан жами 20 735 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улардан 3 500 га яқини савдо, умумий овқатланиш ва туризм соҳасини ташкил этади, 448 таси эса электрон тижорат соҳасига тегишлидир.
Қўмита томонидан келиб тушган 500 дан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари, 300 дан ортиқ биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари, 1600 га яқин маиший электр техника жиҳозлари, 320 дан ортиқ автомобиль, 170га яқин маиший кимё, косметика ва бошқа маҳсулотлар, 160 та тўқимачилик, кийим ва пойабзал, 200 дан ортиқ қурилиш материаллари, мебель, 80га яқин умумий овқатланиш, кафе, бар, ресторан хизмати ва 50 га яқин туризм хизматлари йўналишидаги мурожаатлар ўрганиб чиқилиши натижасида 2 млрд сўмдан ортиқ маблағлар истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Мисол учун: Рақобат қўмитасига фуқаро Н.Таджиевадан келиб тушган мурожаатда автомашинасини таъмирлатиш мақсадида BYD ROHAT сервис марказига мурожаат қилгани, унда умумий ҳаражатлар қиймати 51 млн сўм бўлиши билдирилган бўлиб, жамият томонидан келишилган нарх устига яна 12 млн сўм қўшилганидан норозилигини билдириб, амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат “MK DIRECT” МЧЖ хусусий корхонасини жалб қилинган ҳолда ўрганилганида автомашинанинг ўриндиқлари шикастганлиги маълум бўлди ва сервис маркази томонидан ўриндиқлар бепул алмаштириб берилиши таъминланди.
Шунингдек, Қўмитага 2025 йилнинг ўтган даврида истеъмолчилардан умумий овқатланиш корхоналари: ресторан кафе, ошхона ва буфетларда санитария-гигиена талаблари бузилаётганлиги, кўрсатилаётган хизматлар сифатсизлиги, нархларни ошириб қўллаш ҳамда таомномаларнинг давлат тилида тақдим этилмаётганлиги юзасидан 80 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларга кўра, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерaцияси билан ҳамкорликда 700 га яқин корхоналарда танланма асосида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишларда умумий овқатланиш субъектларининг 480 тасида тўлиқ номи ва иш режими кўрсатилмагани, 524 тасида таомнома давлат тилида эмаслиги, 449 тасида нархномалар мавжуд эмаслиги, 429 тасида автотураргоҳлар мавжуд эмаслиги, 519 тасида фавқулодда вазиятлари учун чиқиш йўлаклари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Шу билан бир қаторда таомномаларда мижозлар учун таомларнинг порциялари, вазни (ҳажми), ичимлик идишларининг сиғими, салат ва ширинликлар ҳажми ҳамда хизматлар рўйхати, нархи ва уларни тўлаш шартлари каби маълумотлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Ўрганишлар давомида мижозларга таомнома хорижий тилларда яъни рус, инглиз, турк, хитой ва бошқа тилларда тақдим этилаётгани аниқланди.
Мисол учун. Тошкентдаги “MIRZO-BOBUR” МЧЖга қарашли “ВОN!” кафеси ва унинг 26 та шохобчаси, “MADO DONDURMA TR” МЧЖ қўшма корхонасига қарашли “MADO” ресторани ҳамда “CAKELAB» қандолат ресторанининг барча тармоқларида таомномаларда фақат рус тилида маълумотлар берилган.
Ўрганишлар натижасида мазкур ресторанларда давлат тилида хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолият бошлаган ҳамда рус ва бошқа тилларда тузилган таомномалар давлат тилидаги таржимасида мижозларга берилиши таъминланди.
Бундан ташқари, Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида танланма асосда 380 та умумий овқатланиш шохобчаларида ходимларни тиббий кўрикдан ўтганлиги бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Таҳлиллар натижасида 2 800 нафардан ортиқ ходимнинг 41 фоизида, яъни 1 164 нафар хизмат кўрсатувчи ошпаз, тайёрловчи, ташувчи ходимлар тиббий кўрик дафтарчага эга эмаслиги аниқланди. Рақобат қўмитаси томонидан мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича ваколатли органларга маълумотлар киритилди.
Туризм соҳасида олиб борилган ўрганишларда интернет тармоғи орқали халқаро онлайн бронлаш глобал тизимида асоссиз ахборотларни тақдим этилиши юзасидан жами 67 та меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, истеъмолчиларни чалғитадиган асоссиз ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситаларида тарқатмаслик юзасидан белгиланган тартибда бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш хатлари юборилган.
Мисол учун, бугунги кунда Интернет ахборот тармоғида меҳмонхоналарни тоифаси (юлдуз) ҳақида нотўғри маълумотлар (эълон қилиш) билан боғлиқ 3 та ҳолат бўйича Қўмитанинг Навоий ва Хоразм вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан реклама қонунчилиги бузилиши ҳолати бўйича иш қўзғатилган. Шунингдек, 25 та ҳолатда камчиликлар ихтиёрий равишда бартараф этилиши таъминланган.