Айрим мобил алоқа операторлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун нархларнинг яқин кунларда оширилиши кутилаётгани эълон қилинган.
Бу эса ўз навбатида истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, тариф режага киритилган Интернет трафикнинг оширилишига қарамасдан, алоқа сифатининг кафолатли даражаси таъминланмаётгани натижасида, тақдим этилган трафикнинг тўлиқ ишлатиш имконияти мавжуд эмаслиги, ва ишлатилмаган Интернет трафик кейинги ойга ўтмаслиги, тарифларнинг ошиши интернет трафикнинг ошишига номутаносиб эканлиги қайд этилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан мобил алоқа операторларини нархларни оширилиши асослилигини ўрганиш бошланди.
Ўрганиш натижаларида операторлар томонидан рақобатга зид ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи ҳаракатлар аниқланган тақдирда ўрнатилган тартибда текшириш ўтказилади ва ушбу ҳолатлар тасдиқланганда амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинади.
Ўз ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, 2025 йил ва 2026 йил 9 ойи даврида Рақобат қўмитаси томонидан рақобат ва истеъмолчилар манфаатини таъминлаш мақсадида бир қатор кўрсатмалар юборилган ва ижроси таъминланган. Хусусан,
Beelineда ойлик абонент тўловини ечиш учун ҳисобда маблағ етарли бўлмаганда, автоматик равишда кунлик тариф режасига истеъмолчиларни огоҳлантирмасдан ўтиш амалиёти бекор қилинди ва ушбу хизматларни бошқариш имкониятлари яратилди.
Шу каби, давлат органларининг 100 дан ортиқ қисқа рақамли ишонч телефонларига чиқиш қўнғироқлари учун Beeline томонидан ундириб келинаётган тўловлар бепул қилинди.
Mobiuz томонидан айрим тариф режасига ўтиш билан боғлиқ техник чекловлар бартараф қилинди ва истеъмолчиларга тариф шартлари бўйича тўлиқ маълумотлар акс эттирилиши таъминланди.
Ucell томонидан уяли алоқа хизматларини тақдим этишга доир оммавий офертаси қайта кўриб чиқилиб, унда моддий ва маънавий зарар учун жавобгарликни назарда тутувчи талаблар киритилиши таъминланди.








