Ижтимоий тармоқларда “Milliy” телеканалида 2025 йил 6 январь куни соат 21:00 да эфирга берилган Миллар дастурида фуқаролар Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли турар-жой хонадонлари учун тўлов қилганликлари, бироқ хонадонларни топширилиши шартнома шартларида белгиланган муддатлардан ўтиб кетганидан норози эканликларини танқид остига олинган материал юзасидан Рақобат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига юборган сўров хатига берилган жавобда мазкур қурилиш объекти Бектемир тумани, Иқбол МФЙ, 31а, 32б-уйлар ёнида жойлашган “Кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш” объекти “CITY OIL” МЧЖга тегишлилиги, аммо бугунги кунда Инспекциядан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмай, қурилиш ишларини амалга оширилганлиги маълум бўлган.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун маҳаллий ҳокимият органларига берилган ваколатлар асосида фуқароларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганиб чиқиб, бартараф этиш чораларини кўрилишини сўраб Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам хат юборилди.
Аниқланган ҳолат юзасидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сонли қарори билан белгиланган талаб асосида инспекция томонидан 2022-2023 йилларда кетма-кет ёзма кўрсатма расмийлаштирилгани ҳамда кўрсатма талаблари ўз вақтида бажарилмагани боис масъул шахснинг раҳбарига нисбатан икки маротаба маъмурий жазо қўлланилган.
Шу билан бирга, аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш Бектемир тумани ҳудудий ишчи гуруҳи комиссиясига, Бектемир туман ҳокимиятига, Бектемир туман прокуратурасига ҳамда Тошкент шаҳар Қурилиш Бош бошқармасига ваколат доирасида тегишли чора кўриш учун маълумотлар юборилган.
Шунингдек, инспекция томонидан қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиш ва ноқонуний қурилиш объектини бузилиши юзасидан Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судига даъво киритилганлигини ва даъво тўлиқ қаноатлантирилганлиги маълум қилинади.
Қўмита мазкур масала юзасидан фуқаролар суд органларига мурожаат этишлари мақсадга мувофиқлигини билдиради.