Ижтимоий тармоқларда “Насия савдо”нинг тўлиқ қиймати очиқланиши керак, мазмунида жойлаштирилган ахборот юзасидан Рақобат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 422-моддасига мувофиқ, товарни насияга сотиш шартномасида товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилиши мумкинлиги белгиланган. Ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан товарни насияга сотиш шартномасида олди-сотди шартномасининг бошқа муҳим шартлари билан бир қаторда товар баҳоси, тўловларнинг тартиби, муддатлари ва миқдори кўрсатилган бўлса, бундай шартнома тузилган ҳисобланади.
Агар сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни товарга қаратишга ҳақли.
ФК 418-моддага мувофиқ эса, сотиб олувчи товар ҳақини шартномани бажарганлик учун тарафларнинг келишуви билан белгиланган ёки ушбу Кодексда белгиланган баҳода тўлаши, шунингдек қонунчилик, олди-сотди шартномаси ёки одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ тўловни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳаракатларни ўз ҳисобидан бажариши лозим.
Бундан ташқари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
5-моддасига мувофиқ, сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шартлиги
6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши, бунда товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда шунингдек, унинг нархи ва сотиб олиш шартлари кўрсатилиши шартлиги;
7-моддасига мувофиқ, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилиши;
8-моддасига мувофиқ, нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизматлар) ҳақида келувчилар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланиши белгиланган.
Юқоридаги ахборотда таъкидланганидек, товар нархномасида товарнинг чакана нархи билан муддатли тўлов асосида харид қилиш учун таклиф этилаётган энг паст нарх кўрсатилиши – истеъмолчида товарнинг ҳақиқий нархи ҳақида нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Таҳлиллар давомида, онлайн савдо платформаларида жойлаштирилган товарларга нархномалар таҳлил қилинганда, аксарият платформаларда товарлар ҳақидаги асосий ойнада товарнинг чакана нархи ва муддатли тўлов асосида сотиладиган энг паст нархи кўрсатилганлиги, муайян товар танлангандан кейинги ойналарда эса, унинг нархини тўлаш шартлари, шу жумладан бир неча ойларга (3, 6, 12, 18, 24 ой) бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан мос келадиган ойлик нархлари ва товарнинг тўлиқ нархи ҳақида маълумотлар тақдим этилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирги кунда Қўмита томонидан хорижий тажриба ва қонунчилик амалиётини ўрганган ҳолда аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтириш, норматив-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.