Ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган Click умуммиллий тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашиши тўғрисидаги маълумотлар юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 16-17-моддаларига асосан агар хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, шунингдек бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олинади.
Бугунги кун ҳолатига Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Click умуммиллий тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашиши бўйича битимга олдиндан розилик олиш юзасидан мурожаат келиб тушмаган.
Шунингдек, дастлабки ўрганишлар жараёнида Click умуммиллий тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашиши тўғрисида расмий равишда битим тузилмаганлиги ҳамда жорий йилнинг 13 июнь ҳолатига Click умуммиллий тўлов ташкилоти таъсисчилари рўйхатига ўзгаришлар киритилмаганлиги маълум бўлди.