Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳамда «Phillip Capital» халқаро инвестиция компанияси билан учрашув
2026 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раҳбарияти ҳамда “Phillip Capital” халқаро инвестиция компанияси Бошқарув раиси Лим Хуа Мин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида давлатимиз раҳбарининг халқаро товар деривативлари бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш, маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва бозор хатарларини камайтиришга қаратилган топшириқлари ижросини самарали таъминлаш муҳим амалий аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бунда, Рақобат қўмитасининг товар-хом ашё биржалари фаолияти ва товар деривативлари бозорини тартибга солувчи орган (регулятор) сифатидаги ваколатларидан келиб чиқиб, биржа ҳамда «Phillip Capital» ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, “UZEX GLOBAL” қўшма корхонаси фаолиятининг устувор йўналишлари ҳамда келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда жаҳон товар бозорларида нархлар ўзгарувчанлиги кучайиб бораётган шароитда нарх хатарларини самарали бошқариш имконини берувчи замонавий молиявий механизмларга эҳтиёж ортиб бораётгани, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг мазкур масалага нисбатан ёндашувлари муҳокама қилинди.








