ДУШАНБЕДА ШҲТга АЪЗО ДАВЛАТЛАРНИНГ МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ОРГАНЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ
2026 йил 17 сентябрь куни Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Давлатов иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётидаги жадал ўзгаришлар ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши шароитида рақобатни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар учун тажриба, илғор амалиёт ва рақобат сиёсатини амалга ошириш бўйича ахборот алмашиш бозордаги янги муаммоларга жавоб берувчи самарали механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон делегацияси мамлакатимиздаги рақобатни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар натижалари билан таништирди. Хусусан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг ЯИМдаги улуши 55 фоиздан 30 фоизгача қисқаргани, рақобатга зид 2,3 мингта ҳаракат бартараф этилиб, 912 миллиард сўмга яқин маблағ қайтарилгани, биржа савдоларида 344 та манипуляция ҳолати аниқланиб, 105 миллиард сўм қайтарилгани ҳамда “Fair Tech” рақамли назорат тизими жорий этилгани маълум қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар навбатдаги йиғилишнинг санаси ва ўтказилиш жойи, шунингдек бошқа ташкилий масалалар юзасидан келишиб олдилар.








