РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ТОМОНИДАН КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ БОРАСИДА ТИЗИМЛИ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
Рақобат қўмитаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими томонидан 2025–2026 йиллар давомида кадрлар билан ишлаш, вакант лавозимларни тўлдириш, ходимлар малакасини ошириш ҳамда электрон тизимларни юритиш йўналишларида қатор ишлар амалга оширилди.
🔴 Бугунги кунда Қўмита марказий аппаратида жами 135 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, шундан 104 таси бошқарув ходимлари, 31 таси техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳиссасига тўғри келади.
Марказий аппарат штатлар жадвалига мувофиқ мавжуд 104 та бошқарув лавозимидан 92 таси ходимлар билан жамланган бўлиб, 12 та вакант лавозим сақланиб қолмоқда. Жумладан, 4 та бошқарма бошлиғи, 1 та бошқарма бошлиғи ўринбосари, 2 та бўлим бошлиғи, 4 та бош мутахассис ҳамда 1 та етакчи мутахассис лавозими вакант ҳисобланади.
🟢 “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ Қўмита тизимидаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ ва шаффоф танлов асосида ташкил этилмоқда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Ягона очиқ вакант лавозимлар портали орқали 39 та очиқ мустақил танлов ўтказилди.
Мазкур танловлар доирасида 1 710 нафар номзоддан аризалар келиб тушди. Ҳужжатларни саралаш натижасида 478 нафар номзод тест босқичига, улардан 301 нафари суҳбат босқичига йўлланма олди. Натижада 30 нафар номзод ғолиб деб топилиб, ишга қабул қилинди. 9 та танловда эса ғолиб аниқланмагани сабабли қайта танлов эълон қилинди.
2025–2026 йиллар давомида 17 нафар бошқарув ходими билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Шунингдек, ушбу даврда шахсий таркибга оид 448 та, хизмат сафарлари билан боғлиқ 181 та ҳамда меҳнат таътили бўйича 246 та буйруқ расмийлаштирилди.
Bазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ, Қўмита ва ходимлар ўртасида тузилган меҳнат шартномалари “Ягона миллий меҳнат тизими” платформасида рўйхатдан ўтказилиб, электрон меҳнат дафтарчалари юритиб келинмоқда. Шу билан бирга, инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумотлар ва идоравий ҳужжатлар “hrm.argos.uz” электрон платформаси орқали юритилмоқда. Ҳар ойнинг 5 санасига қадар марказий аппаратда мавжуд вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар ish.mehnat.uz платформасига жойлаштириб борилмоқда.
2025–2026 йиллар давомида Қўмита марказий аппаратига жами 65 та электрон мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, мурожаатчиларга тегишли жавоблар тақдим этилган.
Ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириш ишлари ташкил этилди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш ва хизмат этикаси масалалари бўйича семинар-тренинглар ўтказилди.
Шунингдек, ходимлар Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази курсларида иштирок этдилар.
📎 Бундан ташқари, Қўмита тизими ходимларининг 28 нафари Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Сингапур, Япония, Россия ва бошқа давлатларда ташкил этилган қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш дастурларида қатнашди.
✅ Қўмита томонидан инсон ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, вакант лавозимларни очиқ танлов асосида тўлдириш ва ходимларнинг профессионал салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.





