Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “GE HealthCare” компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африкадаги президенти ва бош ижрочи директори Роб Уолтон билан учрашув ўтказди.
Учрашувда корпорациянинг мамлакатимизда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги режалари муҳокама қилинди.
Дунёнинг индустриал гиганти бўлган “General Electric” корпорацияси стратегик шериклик доирасида Ўзбекистон корхоналари билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, замонавий юқори технологик ускуналарни етказиб бериш ва уларни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ниятида.
“GE HealthCare” компанияси президенти Роб Уолтон соғлиқни сақлаш соҳасида кардиографлар ишлаб чиқариш, скрининг ва кардио ахборот тизими йўлга қўйилишини таъкидлади. Бундан ташқари, инвестор Ўзбекистонда Миллий тиббий маълумотлар архивини яратишда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ни қабул қилишга келишиб олинди.
1994 йилда “General Electric” таркибида ташкил этилган “GE HealthCare” бош қароргоҳи Чикагода жойлашган тиббий технологиялар соҳасидаги трансмиллий компания. Корпорация активлари қарийб 28 миллиард долларни ташкил этади.