Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 30 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотларида 2 миллиондан зиёд ўғил-қиз тарбияланмоқда. Сўнгги беш йилда 422 та давлат боғчаси қурилиши ҳамда 21 мингдан ортиқ нодавлат муассасалар очилиши ҳисобига 1 миллион 200 минг ўрин яратилган. Тизимга болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 72 фоизга етган.
Шу билан бирга, жойларда ўтказилган очиқ мулоқотларда аҳоли боғчаларни янада кўпайтириш истагини билдирган.Шунга асосан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабгача таълим жараёнини янги тартибда ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Тақдимотда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, боғчаларда сифат ва қамровни ошириш, бу борада илғор хорижий тажрибаларни жорий қилиш чоралари ҳақида ахборот берилди. Хусусан, аҳолиси зич ёки қамров кўрсаткичи паст бўлган ҳудудларда янги давлат боғчалари қурилади ҳамда хусусий сектор кенгайтирилади. Кам қувватда ишлаётган мактабларда тайёрлов гуруҳлари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари бу соҳа аёлларга енгиллик яратиш ва фарзандлар тарбиясида муҳим эканига алоҳида эътибор қаратди.
Мутасаддиларга таълим сифатини яхшилаш, дастурларни такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш юзасидан кўрсатмалар берилди. Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.