Бўлимнинг вазифалари ва функциялари

 

Бўлимнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш;

истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш;

аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш.

Бўлим ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

банк ва молия хизматлари, алоқа ва телекоммуникациялар соҳасидаги истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини ўрганади;

меъёрий-услубий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ижтимоий соҳада хизматлар кўрсатиш, хусусан соғлиқни сақлаш, таълим, мактабгача таълим, нодавлат таълими ва ҳоказоларда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишининг олдини олиш чораларини кўради;

дори воситаларининг айланишини давлат томонидан тартибга солиш, дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий жиҳозларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришнинг замонавий, халқаро миқёсда синовдан ўтган усулларини амалга оширишда истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилади ва соғлиқни сақлаш тизимида кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини назорат қилади;

тиббий ташкилотлар томонидан аҳолига ўз вақтида малакали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишини назорат қилишни ўрганади;

ваколатли органлар томонидан почта хизматлари ва телекоммуникацияларнинг сифат стандартлари ўрнатилиши ва уларга риоя етилишини таҳлил қилади;

тегишли ваколатли давлат органи билан биргаликда ахборотлаштириш, телекоммуникация ва почта алоқаси соҳасидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

универсал почта алоқаси ва телекоммуникация хизматларига талабларни белгилашда, шунингдек универсал почта хизматлари ва телекоммуникациялар рўйхатини тасдиқлашда иштирок этади;

белгиланган тартибда почта алоқаси ва телекоммуникация тармоқлари хизматларининг сифати ва ишончлилиги кўрсаткичлари ва стандартларини ўрганади;

молиявий ташкилотларда, хусусан суғурта полюслари, ссудалар, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар тақдим этилишида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

истеъмолчилар ҳамда алоқа ва телекоммуникациялар, молиявий хизматлар субъектлари ўртасида тузилган шартномалар бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини ўрганади ва уларни олдини олиш чораларини ишлаб чиқади;

Марказий банк, Банклар ассоциацияси, Молия вазирлиги ва бошқа давлат ва назорат органлари билан биргаликда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

истеъмолчилар қабулини ташкил қилади, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлайди, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;

истеъмолчиларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, шу жумладан истеъмолчиларнинг номуайян доираларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини судларда ҳимоя қилишни кўзлаб даъво аризалари киритиш орқали амалий ёрдам кўрсатади;

истеъмолчиларнинг номуайян доираси юзасидан уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, истеъмолчининг ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўриш тўғрисида судга мурожаат қилади;

айрим истеъмолчилар, уларнинг гуруҳи ва истеъмолчиларнинг номуайян доиралари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд амалиётини таҳлил қилади ва тегишли таклифлар ишлаб чиқади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини судгача ҳимоя қилишнинг хорижий тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш орқали низоларни судгача ҳал қилиш бўйича таклифлар киритади;

инсон ҳаёти, саломатлиги, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфли ва сифатсиз бўлган маҳсулотларни аниқлашда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;

Бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.