Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Uzum маркет”дан компьютер буюртма қилгандим билдирмасдан бекор қилишди яна буюртма беришни айтишди лекин нархи ўзгарган дейишди. Илтимос, муаммомни ҳал қилишда амалий ёрдамберинг, маҳсулот ҳозирда Бухорода буюртма қабул қилиш пунктида…” мавзуида фуқаронинг мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан ўрганишлар олиб борилганда фуқаронинг “Uzum маркет”га қилган буюртма товари асоссиз бекор қилингани, сўнг такроран буюртма қилинганда унга компьютерни ошган нархда етказишлари мумкинлигини билдиришгани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
1-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат)нинг нуқсони – товар (иш, хизмат)нинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товар (иш, хизмат)нинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги ҳисобланади.
6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, электрон тижорат операторлари қонунчилик талабларига риоя этиши шартлиги белгиланган.
Қўмитанинг ўрганишлари натижасида “Uzum маркет” МЧЖ ХК томонидан фуқаро буюртмасидаги товар дастлабки маълумот берилган нархда етказиб берилиши таъминланди.