Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан «Юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар савдоси ва давлат харидлари бўйича 2026 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Қўмитанинг Товар-хомашё биржалари фаолиятини лицензиялаш ва савдоларини назорат қилиш бошқармаси томонидан ҳисобот берилди.
Жумладан,
Ҳисобот даврида “Тошкент товар-хом ашё биржаси” АЖ (e-birja) биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги бироқ давлат улуши мавжуд бўлмаган ва монопол ҳисобланмаган корхоналар томонидан реализация қилинган товарларнинг савдо айланмаси қиймати 1 069,9 млрд сўмни ташкил этган бўлса, “Ҳаёт биржа” АЖда реализация қилинган товарларнинг савдо айланмаси қиймати 49,7 млрд сўмни ташкил этган.
2026 йилда I-чоракда жами биржа савдоларида савдо айланмаси қиймати жами 32,8 трлн сўмни ташкил этиб, 40 минг тага яқин харидорлар иштирок этган.
Қўзғатилган ишлар бўйича
Қўмита ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан 2026 йил I-ярим йиллигида 155 та ҳолатда биржа савдоларига оид қонунчилик талаблари бузилганлиги бўйича 131 та хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иш қўзғатилди.
Жумладан, 48 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархлар сунъий оширилиши билан боғлиқ манипуляция ҳаракатлари содир этилганлиги ва бунинг натижасида 42,1 млрд сўм маблағлар асоссиз олинганлиги аниқланиб, ушбу маблағларни ундириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, 88 та холатда хўжалик юритувчи субъектга «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддасига асосан жами
58,8 млрд сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган.
Суюлтирилган газ бўйича
Ҳукуматнинг тегишли топшириғига мувофиқ импорт қилинган суюлтирилган газ ўз эҳтиёжидан ташқари фақат биржа савдолари орқали сотилиши белгиланган.
Рақобат қўмитаси томонидан 2024 йил 31 октябрдан бошлаб барча суюлтирилган газ импорти билан шуғулланувчи корхоналарга ўз эҳтиёжлари (ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиш ёки тасарруфидаги шохобчалари орқали сотиш) учун мўлжалланган ҳажмлардан ташқари импортдан келтирилган суюлтирилган газ ҳажмларини ички бозорда фақат биржа савдолари орқали сотилишини ташкил этиш тўғрисида кўрсатма берилган.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт маҳсулотнинг бошланғич нархлари оширилиши сабабли жорий йил январь ойида 1 тн суюлтирилган газ маҳсулоти ўртача 9,5 млн сўмгача ёки 2025 йил декабрь ойига нисбатан 20 фоиз ошганлиги кузатилди.
Қўмита томонидан биржа савдоларида суюлтирилган газ маҳсулоти нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилди:
а) суюлтирилган газни сотиш нархини унинг биржа савдосига чиқариш нархига нисбатан ўсиш чегарасини «спред» энг кўпи билан
10 фоизгача этиб белгилаш ҳамда биржада суюлтирилган газнинг бошланғич нархи 1 тн.си учун 7,5 млн сўмдан ошган ҳолатда буюртмаларни қабул қилмаслик бўйича товар-хом ашё биржаларига тегишли кўрсатма берилди;
б) рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аломатлари бўйича 92 та суюлтирилган газ импорт қилувчиларига нисбатан иш қўзғатилиб, 31 та субъектларга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, келгусида йўл қўймаслик ҳамда асоссиз ҳисобланган 34 млрд сўм ҳамда 29 млрд сўмга яқин молиявий жаримани давлат бюджетига ихтиёрий равишда тўлаш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди;
в) ўтказилган ўрганишлар юзасидан 70 та суюлтирилган газни импорт қилган корхоналар томонидан солиқдан қочиш ҳолатларини ҳамда хуфиёна иқтисодиётни олдини олиш мақсадида ваколат доирасида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Солиқ қўмитасига ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментга тегишли хатлар киритилди.
Натижада, биржа савдоларида ўртача нархлар 1 тн.си учун 9,5 млн сўмдан 7,0 млн сўмгача ёки 35 фоизга пасайди.
Шунингдек, Қўмита томонидан суюлтирилган газ маҳсулоти нархлари ошишининг олдини олиш мақсадида импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлик субектларига импорт қилинган суюлтирилган газ маҳсулотини биржадаги бошланғич нархларини асоссиз оширмаслиги ва уларни барқарор равишда биржа савдоларига чиқариш юзасидан огоҳлантириш хатлари юборилди.
Қўмита томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинадиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар нархлари, шу жумладан суюлтирилган газ (пропан) нархлари бўйича таҳлил ўтказилиб, таҳлил якуни бўйича маълумотлар ҳамда ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ахборот хатлари киритилди.
Техник олтингугурт бўйича
Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ техник олтингугурт фақат биржа савдолари орқали сотилиши белгиланган.
Жорий йилнинг март ойи биринчи декадаси дастлабки саналарида биржа савдоларида техник олтингугурт нархлари 1 тн.си учун
3,2-3,8 млн сўмгача ёки ой бошига нисбатан 39 фоизгача кескин ошганлиги кузатилди.
Ҳукуматнинг тегишли топшириғига асосан Қўмита томонидан 2026 йил 13 мартдан бошлаб «Навоийуран» ДК ва «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимига кирувчи корхоналарнинг олтингугурт маҳсулотини кунлик сотиб олиши мумкин бўлган максимал миқдорини («лимит») белгилаш тўғрисида «ЎзРТХБ» АЖга тегишли кўрсатма берилди.
Натижада, бугунги кунда биржа савдоларида нархлар «пик» кўрсаткичга нисбатан 52 фоизга пасайди.
Шу билан бирга, минерал ўғит ҳамда уран ишлаб чиқарувчиларининг ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида биржада олтингугурт бўйича кунлик максимал харид қилинадиган маҳсулот ҳажми (лимит)лари ҳар ойда мувофиқлаштириб борилмоқда.








