Ижтимоий тармоқлар орқали «Соч турмаги ускунасини харид қилиш рекламаси жойлаштирилганда менинг розилигимсиз тасвиримдан фойдаланилган…» мавзусида таниқли актриса Н.З. томонидан мурожаат қолдирилиб, белгиланган тартибда унга чора кўриш сўралган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда ижтимоий тармоқ саҳифасини юритувчи фуқаро Д.М. томонидан мазкур видеоролик актрисанинг розилигисиз реклама мақсадида фойдаланилгани аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Мазкур Қонуннинг 16-моддасига кўра, рекламада жисмоний шахснинг номи ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўрганишлар натижасида фуқаро Д.М.га реклама қонунчилиги талаблари юзасидан тушунтириш берилди, шунингдек, Instagram ижтимоий тармоғи саҳифасидан актриса Н.З. иштирокидаги видеоролик олиб ташланди.
Бундан ташқари, реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан фуқаро Д.М.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилди.
Шу ўринда Рақобат қўмитаси тадбиркорлик субъектларидан реклама фаолиятини амалга оширишда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда фуқаронинг розилигисиз унинг исми ёки тасвиридан реклама мақсадларида фойдаланмасликларини сўраб қолади.





