Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқлар орқали “2 қаватли ертўлали уйни пойдеворидан том қисмигача 71 минг 500 долларга битказиб топшириб бердик, кимга шундай хизмат керак бўлса бизга мурожаат қилишингиз мумкин” мавзуида фуқаронинг рекламаси жойлаштирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда фуқаро Ф.Қ.нинг саҳифасида жойлаштирилган реклама-ахборотларида иш, хизматларни нархини хорижий валютада берганлик ҳолатлари аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг
16-моддасига мувофиқ нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш тақиқланади.
Ўз навбатда, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.
Юқоридаги қонунчилик талаблари Ф.Қ.га тушунтирилиши натижасида саҳифада жойлаштирилган чет эл валютасида берилган хизматлар бўйича реклама-ахборотлари ихтиёрий равишда олиб ташланиши таъминланди.



