Рақобат қўмитаси халқаро қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияга нисбатан “инсофсиз рақобат аломатлари билан” қўзғатилган ишни Европа Комиссияси билан ҳамкорликда ўрганмоқда
Рақобат қўмитаси томонидан Европанинг таниқли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниясига нисбатан инсофсиз рақобат аломатлари юзасидан иш қўзғатилиб, айни пайтда кўриб чиқилмоқда.
Ўрганишлар давомида ишлаб чиқарувчи компания ўз маҳсулотларини сотиб олиш ёки қайта сотиш учун унинг расмий розилигини олиш талабини белгиламаган бўлса-да, айнан ушбу маҳсулотларни импортёрлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишига интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилаётганини важ қилиб, божхона органларига мурожаат қилган ва натижада товарларнинг олиб кирилиши тўхтатилган. Ушбу тақиқдан компаниянинг Қозоғистондаги филиали билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузган импортёр мустасно қолган.
Компания томонидан, бошқа импортёрлар компаниянинг ўзи ёки унинг Қозоғистондаги филиали билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузган тақдирда муаммо ижобий ҳал бўлиши айтилган.
Шунингдек, божхона маълумотларига кўра, импортёрлар томонидан импорт қилинган маҳсулотлар нархи расмий етказиб берувчи олиб кирган маҳсулотларга нисбатан тахминан беш баравар арзон экани аниқланган.
Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва халқаро амалиётни ўрганиш мақсадида Рақобат қўмитаси Европа Комиссиясининг Рақобат масалалари бўйича Бош директоратига расмий мурожаат йўллади.
Ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.








