Рақобат қўмитасига фуқаролардан савдо, коммунал ва бошқа хизматлар соҳалари бўйича келиб тушаётган мурожаатлар тизимли равишда кўриб чиқилиб, улар юзасидан истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда
Қуйида ҳудудлар кесимида амалий ўрганиш натижалардан айрим мисоллар:
📍Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқармага Урганч туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Х. харид қилган C11 русумли автомобиль учун 380 млн сўм тўловни амалга оширганига қарамасдан, маҳсулот етказиб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Ўрганишлар натижасида тадбиркорлик субъектига қонунчилик талаблари тушунтирилиб, фуқарога автомобиль етказиб берилиши таъминланди ҳамда унинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари тикланди.
📍Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро К.Б. томонидан “Бухоро сувтаъминоти” АЖ ичимлик ва оқава сув хизматлари учун асоссиз тўлов ҳисоблагани юзасидан мурожаат келиб тушди.
Ўрганишларда ҳисоб-китобларда амалдаги тарифлар нотўғри қўллангани аниқланиб, натижада истеъмолчига асоссиз ҳисобланган 3 млн сўмга яқин маблағни бекор қилиш таъминланди.
📍Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Чирчиқ шаҳридаги “Корзинка” савдо мажмуасида сотилган айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг қадоқланиши, маркировкаси ва сифат кўрсаткичлари бўйича камчиликлар мавжудлиги юзасидан мурожаат қилди.
Ўрганишлар натижасида истеъмолчининг харид учун сарфлаган 700 минг сўмга яқин маблағи қайтарилиши таъминланди ҳамда қонунбузилишга йўл қўйган масъулларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.
📍Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Сирдарё вилояти филиалида аҳолига кўрсатилган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида 71 нафар истеъмолчи билан ҳисоб-китобларда қонунчилик талаблари бузилгани ва 1 млн сўмдан ортиқ асоссиз даромад олингани аниқланди. Натижада қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича муассасага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Рақобат қўмитаси томонидан ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, қонунчилик талаблари асосида истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, асоссиз ҳисобланган тўлов ва қарздорликларни бекор қилиш, нуқсонли маҳсулотларни алмаштириш ҳамда хизмат кўрсатувчи ва сотувчи субъектлар томонидан қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.








