Рақобат қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан уй-жой қурилиши, молиявий ҳамда таълим соҳасида кўрсатилаётган хизматлар юзасидан тушаётган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида:
Фарғона вилояти
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро ҳудудий бошқармага мурожаат қилиб, қурилиш корхонаси билан тузилган шартнома бўйича ўз ҳуқуқлари бузилганини маълум қилди.
Мурожаатга кўра, фуқаро қурилиш корхонаси билан умумий майдони 110 квадрат метр бўлган уй-жойни сотиб олиш бўйича шартнома тузиб, белгиланган тўловни амалга оширган. Кейинчалик кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганда яшаш майдони 108 квадрат метр эканлиги маълум бўлган. Мазкур ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилганда уй-жой майдонида 2 квадрат метр тафовут мавжудлиги тасдиқланди.
Кўрилган чоралар натижасида фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, ортиқча ҳисобланган майдон учун тўланган 10 млн сўмга яқин маблағ истеъмолчига қайтарилиши таъминланди.
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқарма фуқаронинг “Paynet” иловасидан пул ўтказиши давомида қабул қилувчининг пластик картасига пул етиб бормагани ва уни қайтариб олиш учун қилинган мурожаатлари натижа бермаганлигидан норози бўлиб қолдирган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар натижасида “Paynet” АЖ томонидан мурожаатчининг 5 млн сўм пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро қилган мурожаатида “Marstiff sat academy” МЧЖдан масофавий ўқув курси харид қилиб, 2 ой таҳсил олгани, аммо бу таълимдан қониқмагани туфайли шартномани бекор қилиб берилиши ва ўқув курси учун тўланган маблағларини қайтариб олиб берилиши юзасидан амалий ёрдам сўраган.
Хизмат кўрсатувчи тадбиркорга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди ва натижада фуқаро билан тузилган шартнома бекор қилиниб, ўқув курси учун тўланган 1 млн сўмдан ортиқ маблағ қайтариб берилиши таъминланди.








