Рақобат қўмитасида Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан тизимда фидойилик кўрсатаётган ходимларни тақдирлаш маросими ўтказилди
Юртимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида кенг ва кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Ушбу қутлуғ айём муносабати билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида ҳам байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 25 июндаги Фармонига кўра таъсис этилган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан Қўмита ва унинг тизим ташкилотларида фаолият юритаётган 15 нафар ходим тақдирланди. Эсдалик нишонларини ўз эгаларига қўмита раиси Ҳалилилло Турахужаев Президент номидан тантанали топширди ва барчани байрам билан муборакбод этди.
Қўмита раиси тақдирланганларга мурожаат қилиб: “Давлат раҳбари томонидан билдирилган ишонч ва юксак эътироф сизларни янада масъулиятли, фидойилик ва садоқат билан хизмат қилишга, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлашга доимо руҳлантириб туришига ишонаман,” деб таъкидлади.
Тадбирда шунингдек, соҳадаги фидойилиги ва жонкуярлиги, рақобатни ривожлантириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун Қўмита, унинг тизим ташкилотлари ва ҳудудий органларида меҳнат қилаётган 60 дан зиёд ходим Қўмитанинг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.








