Бугунги кунда онлайн, рақамли маркетинг соҳаси ривожланиб халқимиз томонидан ижтимоий тармоқлардаги ахборот манбаларига бўлган қизиқиш ва кузатиш тобора ривожланиб бормоқда, реклама берувчилар ҳам оммабоп каналлар(платформалар)га реклама жойлаштиришга тобора кўпроқ интилишмоқда.
“Реклама тўғрисида”ги Қонунда рекламани тарқатиш, идентификация қилишга оид талаблар белгиланган:
🔘ҳар қандай реклама воситаларидан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, мазмуни Ўзбекистон ҳудудида бўлган рекламадан фойдаланувчиларга қаратилган ва реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек уни бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот – реклама ҳисобланади ( Қонуннинг 5-моддаси).
Рекламани бошқа ахборотдан “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгиси билан ажратган ҳолда жойлаштирилиши шунингдек, таҳлилий мақолалар, шарҳлар, фикрлар, мулоҳазалардан тижорат мақсади кўзланган бўлса, уларни реклама сифатида белгиланган ҳолда аниқ кўрсатиш лозим.
Аммо баъзида маълум бир ахборотларни тарқатишда кўплаб суиистеъмолликларга йўл қўйилмоқда, оддий ахборот материалидан реклама ахборотини ажратиб турувчи ва белгилаб ўтилиши шарт бўлган “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгисини кўрсатмаслик, идентификация қилишга оид талабларига амал қилмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.
Маълумот учун: Рақобат қўмитаси томонидан ўтган вақт давомида «Реклама тўғрисида»ги Қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан 20 дан ортиқ ижтимоий тармоқларда ташкил қилинган гуруҳ ва канал маъмурлари (админлари), блогер, вайнер ва бошқа тармоқ фаолларига тегишли таъсир чораси қўлланилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси барча ОАВлар, ижтимоий тармоқларда ташкил қилинган гуруҳ ва канал маъмурлари (админлари), блогер, вайнер ва бошқа тармоқ фаолларини кенг жамоатчиликка ахборотларни тайёрлаш ва тарқатишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш лозимлигини эслатиб ўтади ҳамда юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда белгиланган тартибда чора кўрилиши бўйича огоҳлантиради!








