#Халқаро_семинар
Товар бозорларини тартибга солиш ва фьючерс савдосига бағишланган халқаро семинар якунланди
Жорий йилнинг 22–23 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Рақобат қўмитаси, АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ҳамда Республика товар-хом ашё биржаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Товар бозорларини тартибга солиш ва фьючерс савдоси” мавзусидаги икки кунлик халқаро семинар муваффақиятли якунланди.
Семинар давомида товар фьючерслари бозорларининг фаолият юритиш механизмлари, биржа савдолари, ҳисоб-китоб ва клиринг тизимлари, AML/KYC талаблари, бозор мониторинги, рискларни бошқариш ҳамда бозор яхлитлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро тажрибалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, регуляторларнинг товар бозорларини самарали назорат қилишдаги ўрни, истеъмолчилар ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, бозор иштирокчилари учун тенг ва адолатли шарт-шароитлар яратишга қаратилган ёндашувлар кўриб чиқилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида фикр ва тажриба алмашинуви бўлиб ўтди. Халқаро экспертлар томонидан тақдим этилган илғор амалиётлар ва билимлар келгусида мамлакатимизда товар бозорларини янада ривожлантириш, биржа савдолари самарадорлигини ошириш ҳамда соҳани такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, мазкур семинар товар бозорларида шаффофлик ва барқарорликни таъминлаш, фьючерс савдосини тартибга солиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни миллий амалиётга жорий этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.








