РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ МАКТАБ БОЗОРЛАРИДА НАРХЛАРНИ АСОССИЗ ОШИРМАСЛИККА ЧАҚИРАДИ
Бугунги кунда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш доирасида республикамиз ҳудудидаги умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида мавсумий «Мактаб бозорлари» ташкил этилган. Ўқув йилига тайёргарлик кўраётган ота-оналар ва ўқувчилар мазкур мавсумий савдо нуқталарига зарур ўқув-ёзув қуроллари, дарсликлар, мактаб формалари ва бошқа ўқув анжомларини сифатли ҳамда ҳамёнбоп нархларда харид қилиш учун ташриф буюрадилар.
Шу сабабли, савдо жараёнларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда аҳолининг сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қўллаб-қувватлаш муҳим ҳисобланади.
Рақобат қўмитаси ота-оналар ва ўқувчиларга харид жараёнида маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси, нархи ва бошқа муҳим маълумотларига эътибор қаратишларини тавсия этади.
Тадбиркорлик субъектларига эса «Мактаб бозорлари»да сотилаётган маҳсулотларнинг сифати, нархларнинг асослилиги, истеъмолчиларга зарур ахборотларнинг тақдим этилиши ҳамда савдо жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши шартлигини эслатиб ўтади.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси мактаб бозорларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмасликка ҳамда белгиланган қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақиради.
Фуқаролар мактаб бозорларида нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига дуч келганларида бу юзасидан Рақобат қўмитасининг ягона 1159 ишонч рақамига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.
Қўмита томонидан мактаб бозорларида нарх барқарорлигини таъминлаш борасида мониторинг ишлари олиб борилишини маълум қиламиз.








