Жамоатчилик кенгаши иштирокида “Давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини олдини олиш” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. Турахужаев бошчилигида ташкил этилди. Унда давлат органлари вакиллари, халқаро экспертлар, тадбиркорлар ҳамда Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этдилар.
Конференция давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашув ҳолатларини бартараф этиш, назорат органлари фаолиятини тартибга солиш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш масалалари юзасидан қизғин муҳокамалар олиб борилди.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ортиқча текширувлар ва маъмурий босимларни қисқартириш, рақамли назорат механизмларини жорий этиш ҳамда давлат органлари ва бизнес ўртасида очиқ мулоқотни кучайтиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.








