Жорий йилнинг 10-октабр куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Рақобат қўмитаси раиси Ҳ. Турахужаев иштирок этиб, қўмита томонидан фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ўз нутқида Ҳ. Турахужаев, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Тошкент шаҳар истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш маркази билан ҳамкорликда ижтимоий буюртма асосида ўтказилган ўрганишлар натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Мазкур ўрганишлар доирасида хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар, нормалар ва талабларнинг бажарилиши жамоатчилик назорати шаклида ўрганилиб, фуқароларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси раиси фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида учраётган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, шунингдек, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.








