Расмий муносабат
Фуқарони олдиндан хабардор қилмасдан воситачилик ҳақи ундиришга йўл қўйилмайди.
Ижтимоий тармоқда “БСК (ЖЭК) учун тўлов қилишда барча иловалар комиссия сўраяпти…” мавзуида мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 9 мартдаги ПҚ-88-сонли қарорига мувофиқ, воситачилик ҳақи (йиғимлар) тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундириладиган, бенефициари бюджет ва корпоратив буюртмачи ҳисобланган тўловлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, мазкур рўйхатга барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар киритилган.
Яъни, коммунал хизматлар учун тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари орқали тўловни амалга оширилган истеъмолчилардан қўшимча воситачилик (комиссия) тўловлари ундирилмаслиги белгиланган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 133-моддасига мувофиқ, коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, оқова сувларни чиқариб юбориш, электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир.
Бунда, халқ тилида БСК (ЖЭК) учун тўловлар, яъни кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш харажатлари учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарув компанияларига тўланадиган мажбурий бадаллар – коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар ҳисобланмайди.
“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 62-моддасига мувофиқ, кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.
“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига мувофиқ, тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларидан фойдаланувчига воситачилик ҳақининг миқдори ҳақида тўлов хизматлари кўрсатилгунига қадар ахборот тақдим этиши лозим бўлиб, фойдаланувчини (истеъмолчини) олдиндан хабардор қилмасдан воситачилик ҳақи ундиришга йўл қўйилмайди.