Ижтимоий тармоқлар орқали “Бунёдкор стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қирғизистон футбол ўйинини томоша қилиш учун чипта харид қилган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва стадионнинг назорат қилувчи ходимлари томонидан киритилмаганлиги” мавзусида фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаатларни “ITICKET INGURUZ” МЧЖ ва Ўзбекистон Футбол ассоциациясини жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқди.
Ўрганишларда Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 20 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон халқаро футбол мусобақасига “Iticket,uz” палатформаси орқали чипталар сотилгани, аммо уни харид қилган бир неча юздан ортиқ фуқаролар стадионга кира олишмагани, шунингдик чиптада инглиз тилида маълумот берилганлиги маълум бўлди.
Хусусан, чиптаси бўлиб, футбол мусобақасини томоша қила олмай сарсон бўлган фуқароларга айни дамга қадар 23 млн. сўмдан ошиқ маблағлар қайтарилган. Мисол тариқасида Қўмитага мурожаат қилган фуқаролардан М.А. ва Н.Ж.ларга “ITICKET INGURUZ” МЧЖ томонидан чипта учун сарфлаган 500 000 сўмга маблағлари қайтарилиши таъминланган.
Шунингдек, футбол ўйини учун сотувга чиқарилган чипталарда давлат тилида маълумотлар мавжуд эмаслиги юзасидн мазкур жамият масъуллари маълум қилишича, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ва Осиё футбол конфедерацияси (AFC) томонидан ташкил қилинадиган халқаро мусобақалар доирасида ўтказиладиган футбол учрашувлари учун сотувга чиқариладиган чипталар – AFC томонидан тасдиқланган намуна асосида чипталар инглиз тилида чоп этилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида, агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартнома ёки битимда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилиши белгиланган.
Фуқаролар учун эслатма:
Агар сиз ҳам 20 март куни чипта олиб, стадионга кира олмаган бўлсангиз — “ITICKET INGURUZ” МЧЖга ёки Рақобат қўмитасига мурожаат қилинг.
Ёдда тутинг!
Чипталар «ITICKET INGURUZ” МЧЖнинг маълумотлар базасидан тасдиқланса, унга тўланган пуллар қайтарилади.