Президент Шавкат Мирзиёев 4 январь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сув танқислиги тобора кучаяётган бугунги замонда мамлакатимизда уни қадрлаш, тежаб фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда 472 минг гектар ер томчилатиб ва 48 минг гектари ёмғирлатиб суғоришга ўтказилди, 97 минг гектарда бошқа сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. 649 минг гектар ер лазерли текисланди.
Шундай чора-тадбирлар натижасида биргина 2023 йилда 2 миллиард куб метр сув тежалган. Мисол учун, бу Бухоро вилоятининг бир йиллик сув сарфига тенгдир.
Бу кўламни янада кенгайтириш ҳаракатларига тизимдаги айрим муаммолар халал бермоқда. Масалан, туман ирригация бўлимларининг ваколатлари хўжаликлараро каналлар билан чекланган. Сув етказиш хизматлари самарали молиялаштирилмаган. Тежамкор ускуналар ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар фермерларга жозибали эмас.
Шу боис, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Унга кўра, туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилинади. Улар экскаватор ва бошқа техникалар билан таъминланади. Бу суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини 2 баробарга арзонлаштиради.
Шунингдек, барча суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш, эгалари бўйича бириктириш ҳамда ҳар бирининг ягона идентификацион рақамини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Маълумки, жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. Кўпчиликнинг онгида ўрнашиб қолган “сув – текин” деган тушунчани ўзгартириш вақти келди.
Сув истеъмолчилари билан ҳисоб-китобни шу тамойил асосида йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда. Жумладан, 2025 йилдан бошлаб, далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Аксинча ҳолатларда эса оширилади. Шу билан бирга, сув етказиб бериш учун тўловлар бекор қилинади.
Йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш жозибадорлигини ошириш чоралари ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бунинг учун имтиёзли кредит линияси ташкил қилинмоқда. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги лойиҳалар учун эса 10 фоиз бўлади. Кредит олишда фермерлардан мол-мулк гарови талаб қилинмайди.
Шунингдек, кредитлар “онлайн” ажратилиши йўлга қўйилмоқда. Бу борада Агробанк томонидан “Suvkredit.uz” тизими ишлаб чиқилган. Яна бир муҳим томони, энди пудратчиларга сув тежовчи технологияларни фақат ишчи лойиҳа асосида қуриш, ўрнатилган тизимларга камида 2 йиллик кафолат бериш ва камида 5 йиллик сервис хизмати кўрсатиш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда. Бу талабларни бажармайдиган пудратчилар тизимга киритилмайди.
Маълумки, бугунги кунда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм миқдорида субсидия берилади. Шу пайтгача бу маблағнинг 50 фоизи технология ўрнатилган йилда, қолгани келгуси йили унинг ишлатилишига қараб тўланар эди. Энди бу борада ҳам қулайлик яратилиб, барча субсидия маблағларини ўша йилнинг ўзида тўлаб бериш белгиланмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, сўнгги истеъмолчигача бўлган тизимни тўғри йўлга қўйиш, сувни тежаш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.