Тозаланган, яъни рафинацияланган ва дезодорация қилинган ёғ маҳсулотини харид қилишда унинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатига диққат бериш зарур. Маҳсулотнинг яроқлилик муддати ЎзДСт 2824:2014 стандартига кўра 4 ой, ГОСТ 1129-2013 бўйича эса 6 ой қилиб белгиланган. Агар муддатни узайтириш талаб қилинса, бу ишлаб чиқарувчи томонидан фақат ваколатли органларнинг ижобий хулосалари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, яроқлилик муддатини аниқлашда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талаблари асосида маҳсулот лабораторияда синовдан ўтказилган бўлиши шарт. Агар бундай синовлар амалга оширилмаса, муддатни узайтириш қонунга зид ҳисобланади.
Рақобат қўмитаси томонидан 2024 йилда ваколатли органнинг ижобий хулосасисиз рафинацияланган ёғ маҳсулотининг яроқлилик муддатини 12 ой қилиб белгилаш ҳолатлари аниқланиб ишлаб чиқарувчиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди ва кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарорига асосан, сотувчи қуйидаги маълумотларни харидорга етказиши шарт: маҳсулотнинг техник регламентлар ва стандартларга мувофиқлиги, асосий истеъмол хоссалари ва, зарур ҳолларда, мувофиқлик сертификатлари.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига кўра:
🟡1-модда: Товар, иш ёки хизматнинг нуқсони – уларнинг норматив ҳужжатлар, шартнома талаблари ёки одатдаги сифат талабларига номувофиқлигидир.
🟡6-модда: Ишлаб чиқарувчи (сотувчи) истеъмолчига товар, иш ёки хизмат ҳақида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этиши шарт.
🟡12-модда: Агар товар ёки хизмат истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказса, ишлаб чиқарувчи сабабларни бартараф этиб, ишлаб чиқаришни ёки сотувни тўхтатиши ва зарарли товарни муомаладан чиқариши лозим.
🟡13-модда: Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:
– Товарни худа шу ёки бошқа маркадаги сифатли товарга алмаштириш.
– Нуқсонларни бепул бартараф этиш ёки харажатларни қоплаш.
– Нархни камайтириш ёки шартномани бекор қилиш.
🟡17-модда: Нуқсонли товар учун истеъмолчига тўланган пул қайтарилиши шарт, бунинг шакли олдинги тўлов шаклига мос келиши лозим.