Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Uzum Market«ни Қашқадарё вилояти Ғузор туман бўлимидан 2 та ақлли соатни муддатли тўловга олгандим. Биттаси брак чиқди, яъни заряд олмади, қўшилмади ва қизиб кетаяпти. Республикамиздаги йирик фирмалардан бири бўлган «Uzum Market» шунақа сифатсиз махсулотни сотаётгани ҳам кулгили, ҳам аянчли…” мавзуида Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи фуқародан видео мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан “Uzum Market” МЧЖ ХКдан харид қилинган товарининг сифатсизлиги юзасидан келиб тушган мурожаат ўрганиб чиқилганда фуқаро муддатли тўловга харид қилган соатларидан бири носоз эканлиги маълум бўлди.
Жумладан,Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг
– 13-моддасида, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб беришни талаб қилишга ҳақлилиги:
– 14-моддасида, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шартлиги белгиланган.
Ўрганиш натижасида «UZUM MARKET» МЧЖ ХК билан фуқаро ўртасида тузилган шартнома бекор қилиниб, жамият томонидан харид қилинган товар қайтариб олинган ва фуқарони муддатли тўлов шартномасидан чиқариб юборилган. Эндиликда фуқаро сифатсиз товар учун тўловни амалга оширмайдиган бўлди.