Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан савдо ва коммунал хизматлар борасида тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
Қашқадарё вилояти
Фуқаро Қарши шаҳрида жойлашган “FAVORITE-CARS-SERVICE” МЧЖ автосалонидан автомашина харид қилиш учун тўлиқ тўловни амалга оширган. Автосалон машина ой охирида топширилишини маълум қилган, аммо фуқаро белгиланган вақтда кела олмаган. Маълум муддатдан сўнг Автосалонга мурожаат қилганда, автомашинани топшириб бўлмаслиги ва инвентаризация олиб борилаётгани айтилган. Бу ҳақда фуқаро олдиндан огоҳлантирилмаган. Шу сабабли фуқаро ҳудудий бошқармага шикоят қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлари натижасида, томонлар ўртасидаги келишмовчилик бартараф этилиб, автомашина фуқарога белгиланган тартибда топширилиши таъминлади
Жиззах вилояти
Фуқаро Н.Т. Idea савдо дўконидан 13,2 млн сўмга муддатли тўлов асосида музлаткич харид қилган. Кейинчалик нархи оила аъзоларига маъқул келмагани учун шартномани бекор қилишни сўраган, аммо дўкон ходимлари рад этган. Шу сабабли у ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, ушбу шартнома бекор қилинди ва мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.
Фарғона вилояти
Фуқаро уйида ўрнатилган сув ҳисоблагич совуқ об-ҳаво сабаб музлаб ёрилиб қолган. Шу ҳолатдан сўнг ҳудудий сув таъминоти корхонаси ходимлари томонидан фуқарога жарима қўлланилиб, янги ҳисоблагични ўз ҳисобидан ўрнатиш талаб қилинган. Шу сабабли у ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, фуқарога чиқарилган жарима бекор қилиниб, сув таъминоти корхонаси томонидан янги сув ҳисоблагич бепул тарзда ўрнатиб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Фуқаро Ш. Қ. “BUKHARA PANEL SERCE” МЧЖга қуёш панеллари учун 125 млн сўм тўлаган. Компания шартномани бажармаган ва бошқа товар берган. Шу сабабли фуқаро товарни алмаштириш ёки пулни қайтариш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, корхона томонидан 125 млн сўм тўлов тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Андижон вилояти
Фуқаро Андижон шаҳри, Садда МФЙдаги хонадонга газ таъминоти томонидан 7 млн сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, фуқаронинг шахсий ҳисоб рақамида шаклланган асоссиз қарздорликлар тўлиқ бекор қилиниши таъминланди.








