Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан тадбиркорлик муҳити ва бизнес субъектлари кайфиятини акс эттирувчи Бизнес фаоллиги индексининг (БФИ) 2026 йил 1-чорак натижалари ҳамда 2026 йил 2-чорак кутилмалари баҳоланди.
БФИ сўровномасида Қўмитанинг Fair Tech ягона ахборот тизими орқали республикадаги ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасидаги 380 дан ортиқ йирик корхоналар респондент сифатида иштирок этди.
Сўровнома натижаларига кўра, 2026 йил 1-чоракда БФИ йиғма кўрсаткичи 55,1 бандни ташкил этди. Шунингдек, 2026 йил 2-чораги учун БФИнинг прогноз кўрсаткичлари 56,2 банд бўлиши кутилмоқда.
Халқаро тан олинган PMI (Purchasing Managers’ Index) методологиясига кўра, БФИ кўрсаткичи 50 банддан юқори бўлиши иқтисодиётда барқарор ўсиш ва фаоллик сақланиб қолаётганини англатади.
БФИнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлилига кўра, энг яхши натижа Хоразм (59,5) ва Сирдарё (58,8) вилоятларида кузатилган бўлса, Тошкент (51,5) ва Жиззах (50,6) вилоятларида индекс натижаси нисбатан паст кўрсаткичларга тенг бўлди.
Умуман олганда, БФИ натижалари мамлакатимизда иқтисодий фаоллик барқарор сақланаётганини ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан келгуси чоракда ҳам бизнес фаоллигининг ошиши бўйича ижобий кутилмалар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, респондентларнинг 49 фоизи 2026 йил 2-чорагида инновацияларга сармоя ажратиш орқали бизнес фаолиятини кенгайтиришни режалаштирганини қайд этган.
Батафсил инфографикада.








