Президент Шавкат Мирзиёев Қоракўл туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди.
Ҳудудда илгари бунчалик кенг кўламли қурилиш бўлмаган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 августдаги қарорига мувофиқ “Қоракўл” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилганидан кейин саноат жадал суръатга кирди. Ундаги заводларда келгусида минглаб одамлар иш билан таъминланади. Қолаверса, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам мутахассислар келиб ишлайди. Уларга қулайлик, оилаларига муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида мазкур иқтисодий зона яқинида янги массив бунёд этилмоқда.
Лойиҳа икки босқичли бўлиб, 1 минг 380 хонадонли 71 та кўп қаватли уй, таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳалла маркази ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда биринчи босқичда 12 та кўп қаватли уй, мактаб, болалар боғчаси, поликлиника фойдаланишга топширилган.
Президентимиз шу ерда маҳалла вакиллари билан суҳбатлашди.
– Маҳаллада “еттилик” ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлса, ишсизлик, жиноят бўлмайди. Бунинг учун уларда етарли ваколат бор. Мутасадди ташкилотларни жалб этиб, одамларнинг даромад топишига ёрдам бериш керак. Мактабда таълим сифатидан хабардор бўлиш, битирувчиларни олий таълимга, даромадли ҳунарларга йўналтириш зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Атрофни, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Келгусида ҳудудда истироҳат боғи ва сузиш ҳавзалари ташкил этилади. Бўш майдонларга дарахтлар экилиб, хиёбонга айлантирилади.