#Халқаро_семинар
Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Рақобат қўмитаси, АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ҳамда Республика товар-хом ашё биржаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Товар бозорларини тартибга солиш ва фьючерс савдоси” мавзусидаги халқаро семинар бўлиб ўтмоқда.
Семинарни Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари У.Давлатов очиб берди. У ўз нутқида товар ва молиявий бозорларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, биржа савдоларида шаффофлик ва очиқликни кучайтириш, замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда товар фьючерслари бозорларини тартибга солиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Тадбирда Рақобат қўмитаси раҳбарияти, АҚШ Савдо вазирлигининг CLDP дастури халқаро маслаҳатчиси Алеена Насир, халқаро дастурлар бўйича мутахассис Алекса Блек, товар фьючерслари бозори бўйича халқаро эксперт Кевин Пикколи ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Семинар доирасида товар фьючерслари бозорларининг фаолият юритиш механизмлари, биржа савдолари, ҳисоб-китоб ва клиринг тизимлари, AML/KYC талаблари, бозор назорати, рискларни бошқариш ҳамда регуляторларнинг бу соҳадаги ўрни ва вазифаларига оид халқаро тажрибалар муҳокама қилинмоқда.








