Рақобат қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан сифат талабларига жавоб бермайдиган ичимлик сувлари ҳамда электр ва газ таъминоти бўйича юзага келган асоссиз қарздорликлар бўйича тушаётган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида:
📍 Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма Термиз шаҳрида аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви сифати юзасидан ўрганиш ўтказилганда лаборатория таҳлили “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ томонидан “Турон” МФЙдаги 18-сонли мактабгача таълим муассасасига берилаётган ичимлик суви истеъмолга яроқсизлиги аниқланди.
Шунингдек, 2026 йилнинг 6-20 январь кунлари давомида “Турон” МФЙда яшовчи 950 дан ортиқ оилаларга ҳам жами 4 850 куб метр, қиймати 31,2 млн сўмлик сифат талабларига жавоб бермайдиган ичимлик суви етказиб берилган.Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси талаблари бузилгани юзасидан “Сурхондарё сув таъминоти” АЖга нисбатан иш қўзғатилди.
Қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар судга юборилди.
📍 Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Jizzax suv ta’minot” АЖнинг Ш.Рашидов туман филиали томонидан аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сув сифати, стандартлар ва ўрнатилган талаблари юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганиш жараёнида мазкур филиал томонидан 2026 йилнинг февраль ва март ойларида Ш.Рашидов туманининг “Ҳаваслик”, “Жиззахлик”, “Зиёкор” ва “Совунгарлик” МФЙларида истиқомат қилувчи истеъмолчиларга жами икки ой давомида 63009 м3 истеъмолга яроқсиз ичимлик суви берилганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга асосан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарори ҳамда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилганлик ҳолатлари бўйича “Жиззах сув таъминоти” АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, ўрганишда аниқланган 282 млн 280 минг сўмдан ортиқ миқдоридаги маблағларни 3539 та истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш ва келгусида бу каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилиши юзасидан кўрсатма берилди.
📍 Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқармага вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан келиб тушган мурожаатда “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали томонидан ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунаси Технопарк МCҲЖ томонидан экспертизадан ўтказилгани, ҳисоблагич ташқи таъсир натижасида носоз ҳолатга келгани важ қилиниб, табиий газ сарфи қўшимча равишда ҳисобланаётганидан норози эканлиги баён этилган.
Мурожаатда келтирилган ҳолатлар “Ўзэнергоинспекция”нинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилди. Натижада мазкур газ таъминоти филиали томонидан вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига қўйилган 153,3 миллион сўмлик тўлов асоссиз эканлиги аниқланди ва қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланди.
📍 Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага “Kattaqo‘rg‘on shifer” МЧЖ томонидан келиб тушган мурожаатда “HUDUDIY ELEKTR TARMOQLARI” АЖ томонидан фойдаланилган электр энергияси учун асоссиз қарздорлик ҳисоблангани юзасидан мурожаат берган.
“Kattaqo‘rg‘on shifer” МЧЖнинг мурожаати асосида қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 1 млрд 110 млн сўм асоссиз қарздорлик эканлиги аниқланди. Шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва келгусида юқоридаги ҳолатларни такрорламаслик юзасидан огоҳлантирилди.








