Рекламада нотўғри ахборот тарқатган шахсга нисбатан чора кўрилди
Рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси “LARGO TYRES GROUP” МЧЖ ўзининг қонуний равишда дилерлик шартномаси асосида “Largo” русумли шина ва аккумуляторлар импортини амалга оширган ҳолда ушбу маҳсулотлар савдоси билан шуғулланиб келаётгани, аммо Хонқа туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор томонидан ижтимоий тармоқларда унинг маҳсулотлари савдосига нисбатан салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлар тарқатаётгани юзасидан тушган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Олиб борилган ўрганишларда ЯТТ Х.Б. ўзининг “shina.olami” номли Instagram саҳифасида “LARGO TYRES GROUP” МЧЖнинг “LARGO” русумли шина ва аккумуляторлари сифати ва истеъмол хусусиятлари тўғрисида асосланмаган маълумотлар тарқатгани натижасида «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддаси талаблари бузилгани, шунингдек, рекламада Ўзбекистонга импорт қилинаётган Хитойда ишлаб чиқарилган “Largo”, “Wanda”, “JOYROAD” русумли маҳсулотларни камситувчи хусусиятга эга бўлган номақбул ахборотлар ҳам борилиги кузатилди.
Юқоридагиларга кўра,“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан Х.Б.га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди.








