Ижтимоий тармоқлар орқали “Голланд лолаларини 15 минг сўмдан нарх қўйиб, расмига бир букет лолаларни қўйишган. Ҳар қандай одам шу каби мен ҳам бир букет лолани 15 минг сўм деб ўйлагандим. Афсуски, лолаларнинг донаси 15 минг сўмдан экан. Ҳамма кассани ёнидан қайтиб кетишяпти…» мавзуида фуқаронинг мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита мурожаатда қайд этилган ҳолатларни ўрганиб чиқди. Хусусан, савдо шохобчасида сотилаётган Голланд лола гули учун берилган флаэрда гулдастанинг бир донаси 15 минг сўм эканлиги мавҳум ҳолатида, тушунарсиз кўрсатилган. Шу туфайли истеъмолчилар уни байрам арафасида чегирма нгархида сотилаётган экан, деган тасаввурда харид қилишга қарор қилишгани мазкур эътирозга сабаб бўлган. Мазкур ҳолат бўйича истеъмолчи ва дўкон ходимларига тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга эканликлари белгилаб берилган:
товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
товарни (ишни, хизматни) эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш;
товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсиз бўлишини талаб қилиш;
ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг ўрни тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш.