Расмий муносабат
Ижтимий тармоқ орқали “Маҳсулотларни буюртма қилишда эҳтиёт бўлинг, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотни сотишди, алмаштириб берилмади, пулини ҳам қайтара олмаяпман…” мавзуида фуқаронинг мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Мурожаат “Lean trade solutins” МЧЖ супермакетининг етказиб бериш бўйича ҳамкори Korzinka Go билан ўрганилганда ҳақиқатан ҳам харидорга етказиб берилган 221 минг сўмлик денгиз маҳсулоти қадоғда кўрсатилганидек, яроқлилик муддатидан 1.5 ой ўтиб кетганлиги аниқланди. Техник қўллаб-қувватлаш марказига қилинган мурожаатга кўра, товар сифатлисига алмаштириб берилмаган, пули ҳам қайтарилмаган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида:
Товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги белгилаб берилган.
Ўрганиш натижасида Korzinka Go томонидан фуқарога алоқага чиқиб, ундан узр сўраган ҳолда қайта сифатли денгиз маҳсулотини етказиб берди, шунингдек компенсация сифатида мижозга етказиб бериш промокоди тақдим этилди. Барча озиқ-овқатларнинг яроқлилик муддатини назорат қилиб бориш тартиблари такомиллаштирилди.